Камолот кошонаси
Урганч қурилиш касб-ҳунар коллежи иш тажрибасидан
Ибадулла Самандарович Байджанов
© Ибадулла Самандарович Байджанов, 2016
© Рустам Ибадуллаевич Самандаров, фотографии, 2016
ISBN 978-5-4483-2788-9
Сўз боши
Хоразм бебаҳо маънавият, илм-у маърифат, бетакрор санъат гўшаси, буюк қадриятлар гултожи бўлмиш «Авесто» асари яратилган ўлка, жахонга Ал-Хоразмий, Беруний, Замаҳшарий, Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Махмуд, Огаҳий каби улуғ зотларни етказиб берган кўҳна ва навқирон воҳа. Бу қадим юртда бунёдкорлик хам азалдан ардоқланиб, воҳа шуҳратини аланга таратилишида муҳим аҳамият касб этиб келган. Меъморчилик Хоразмда энг фахрли касб сифатида қадр қиммат топган. Бир-биридан муҳташам ва мустаҳкам бинолар, саройлар, қасрлар, мачит – мадрасалар, миноралар фикримиз исботи. Осмон остидаги очиқ музей деб эътироф этилган Хива обидалари меъморлар меҳнати ва ва маҳоратини ўзида мужассам этиб турибди. Кейинги йилларда, айниқса Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига эришилган 14 йил ичида бунёд этилган қатор замонавий иншоотларда ҳам ота-боболаримизнинг бунёдкорлик, меъморчиликка меҳр-у садоқати, ихлос ва муҳаббати мужассам эканлиги намоён бўлиб турибди.
Урганч курилиш касб-ҳунар коллежи жамоаси мана 40 йилдирки қурувчи кадрлар тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Ушбу китобда билим ва касб-хунар даргоҳининг босиб ўтган йўллари, иш тажрибалари, ютуқлари, ибратли ишлари таҳлил этилади. Китоб муаллифи, Хоразмда илк бора меъморчилик фанлари номзоди унвонига сазовор бўлган Ибадулла Байджанов воҳада ўзининг ташкилотчилиги, ташаббускорлиги, заҳматкашлиги ва фидоийлиги билан танилган инсон. Ўн беш йилдан ошиқ Урганч шаҳри Бош меъмори вазифасида ишлаб воҳа марказини кўркам, чиройли, серфайз бўлишига катта ҳисса қўшган. 1988 йилдан буён Урганч қурилиш Техникуми (ҳозирги пайтда коллеж) директори сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг ташкилотчилиги ва раҳнамолиги билан коллеж республикадаги намунавий ўқув ва касб-ҳунар даргоҳларидан бирига айланди.
И. Байджанов иқтидорли ижодкор хамдир. Ўндан ошиқ рисола, 120 дан ошиқ илмий-оммабоп мақолалар муаллифи, «Ҳумо қўнган шаҳар» китоби «Олтин мерос» халқаро жамғармасининг Хоразм вилояти бўлими мукофотига сазовор бўлди.
Унинг мамлакатимиз мустақиллигининг 14 йиллигига бағишланган навбатдаги китоби айни пайтда ўзининг 40 йиллигини нишонлаётган қадрдон жамоасига, она юртига меҳр-муҳаббати, садоқати нишонасидир.Мен муаллифни ва у раҳбар аҳил жамоани қўша шодиёналар билан қутлаб, мустаҳкам соғлик, ишларига ривож, барака тилайман.
Р. М. Аҳмедов,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган архитектор.
Ибадулла Самандарович Байджанов Архитектура номзоди
Шонли йиллар, шарафли ишлар
Хоразм азалдан бунёдкорлар эли. Қадим аждодларимиз томонидан бунёд этилган муҳташам иморатлар, салобатли саройлар, қасрлар, масжид – мадрасалар, миноралар, карвонсаройлар, бозорлар ота-боболаримизнинг қанчадан қанча меҳнати, заҳмати, маҳорати, машаққати эвазига қад ростлаган. Бу интилишлар, изланишлар, заҳматлар эса ўз самарасини бериб, яхшилик ва гўзаллик тимсоли бўлган кўпдан кўп бунёдкорлик маҳсуллари бизгача етиб келган. Табиийки йиллар ўтган сайин жамиятнинг ривожлана бориши натижасида архитектура иншоотлари, бинолар, йирик қурилиш мажмуалар турлари ва уларнинг кўриниши ҳам ўзгариб, замонавийлик касб эта боради. Халқнинг турмуш шароити, маданияти, табиий шароит бунёд этиладиган иншоотларда ўз ифодасини топади. Миллий услублар замонавий жиҳатдан бойитилиб, сайқал топиб туб аҳоли манфаатларига мос иншоотлар, бинолар қад ростлайди. Ҳар қандай замон, давр муҳитига кўра қурилиш соҳасида қилинадиган ишларга талаб, зҳтиёж ошиб бораверади. Аҳоли сонининг йилдан йил ошиб бориши шуни тақозо қилади. Бу эса ўз-ўзидан битта муаммо ечимини топиш заруриятини келтириб чиқаради: малакали мутахассислар тайёрлаш! Бунинг учун эса махсус билим юрти очиш керак!