Фрэнсис Скотт Фицжеральд
Буюк Гетсби
I БОБ
Инсон ёшлик йилларида жуда таъсирчан бўлади. Отамдан узоқ вақт хотирамда тамғаланиб қолган бир маслаҳатни сира унута олмайман.
– Мабодо, сен тўсатдан кимнингдир устидан ҳукм чиқармоқчи бўлсанг, – деган эди отам, – бошқа инсонларда бўладиган фазилат сенда бўлмаслиги мумкинлигини ёдингда тут.
Отам ортиқча сўз айтмас, аммо бир-биримизни бир қарашдаёқ тушуниб олардик. Отамнинг гаплари заминида бошқа маънолар ҳам борлигини мен яхши билардим. Ана шундан буён менда босиқлик билан фикр юритиш одат тусига кириб қолган. Отам ичимдагини топ одамлар қалбига йўл топишда менга катта мактаб бўлган эса-да, худобезори кимсалар қилиғи қурбони бўлишимга ҳам сабабчи бўларди. Агар бу босиқлик оддий, росмана одамда мужассам бўлса, уни ҳар қандай думбул одам ҳам дарҳол англаб олади ва унга чиппа ёпишиб олишга ошиқади; коллежда ўқиб юрган кезларим ўртоқларим мени ичидан пишган деб аташар, бировларга аралашвермайдиган одамови ва бўлар-бўлмасга валдирайвермаганим сабабли улар юракларидаги сирларини менга ишониб айтардилар. Дўстларимнинг менга ишониб айтган сирларига шерик бўлишни истамасдим, чунки бировлар сирини сақлай оламанми-йўқми, билмайман, ҳатто уларнинг гапини эшитиб, эснаб ўтирган пайтларим ҳам бўлган. Ўзимни китоб ўқиётганга ёки пинакка кетгандай қилиб ўтирардим; ахир ёшларнинг ботиний сирларини миридан-сиригача эшитишни ҳар қанча истасам-да, улар сирларини охиригача айтишмас эди. Босиқлик билан фикр юритиш катта фазилат. Муҳим маънавий қадриятларни сезиш қобилияти барчага ҳам бирдай берилмаганлигини ёддан чиқарсам, бирон нарсани унутиб қўйдиммикан, деб хавотирга тушаман.
Ўзимнинг сабр-тоқатли эканлигимни қанчалик яхши билсам-да, бунинг чегараси борлигини унутмаслигим керак. Турли тоифадаги инсонларнинг хулқ-атвори турлича бўлади – баъзилариники ўта қаттиқ, ўта мураккаб, баъзилариники ўта юмшоқ. Баъзан уларнинг хулқ-атвори остида нимадир яширингани мени қизиқтирмай ҳам қўяди.
Ўтган йили куз фаслида Нью-Йоркдан қайтгач, инсон феъл-атворининг нақадар мураккаблигини тушундим. Ўз манфаатлари учун кишилар ёвузликдан ҳам тоймасликларини билиб олдим. Шу-шу мен инсонларнинг ботиний сирларини билиш учун ўзгалар қалбига қўл солишни истамай қолдим. Фақат номи шу китобга битилган Гэтсби исмли инсонгина бундан мустасно эди. Гэтсби мен нафратланадиган ва хуш кўрмайдиган барча нарсани ўзида мужассам этган инсон каби туюларди, наздимда. Ҳар бир кимса қобилиятига қараб баҳоланадиган бўлса, бу инсон мутлақо жумбоқ эди. Ҳаёти сир-синоатга тўла. Бу инсонда ҳаётда барча икир-чикирларига нисбатан ажабтовур бир сезгирлик мужассам эдики, гўё у ўн минг миль нарида содир бўлган ер ости силкинишларини қайд этувчи мураккаб асбобга ўхшаб кетарди. Унда ҳозиржавоблик, дарҳол бошқача қиёфага кириб олиш, сўзамоллик хислати устун эди. Бу табиатнинг унга берган ноёб инъоми эди. Унинг қалбида жўш урган ғайратни ҳеч кимда учратмаганман ва бундан кейин ҳам учратмасам керак. Йўқ, Гэтсби пировард-натижада ўзини кўрсата билди; унинг фикрларини чулғаб олган ва уни эзиб турган заҳарли қурум тез барҳам топувчи инсон изтироблари ва хурсандчиликларига бўлган қизиқишни вақтинча сўндирган эди.